2030 йилга келиб Ўзбекистонда ОИТС касаллиги юқишига тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган
Бу ҳақда АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди: Ҳозирги вақтда республикада 48 мингдан ортиқ шахсда ОИВ касаллиги ташхисланган.
Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукуматимиз томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80%ни ташкил этди.
Республикамизда ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш учун, ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узулуксиз таъминоти амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 99,7% болалар соғлом бўлишига эришилмоқда.
2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун, 2025 йилга қадар “95-95-95” стратегиясига эришиш зарур.
“95-95-95” тамойилига кўра ОИВ юқтирган беморларнинг 95 фоизи ўз статусини билиши, беморларнинг 95 фоизи махсус терапия билан қамраб олиниши, беморларнинг 95 фоизида вирус юкламасини паст даражага тушишига 2025 йилгача эришиш ва 2030 йилда ОИТС касаллигининг юқишига барҳам бериш мақсад қилиб олинган.